Ўзбекистон халқаро ҳамкорлар билан биргаликда келажакка йўналтирилган янги транспорт йўналишларини очмоқда

Ўзбекистон халқаро ҳамкорлар билан биргаликда келажакка йўналтирилган янги транспорт йўналишларини очмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Туркманистоннинг “Аваза” туристик зонасида бўлиб ўтадиган БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича III конференциясида иштирок этади.
III конференция БМТ Котибияти томонидан Туркманистон ҳукумати билан биргаликда ташкил этиляпти.
Конференцияда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 100 дан ортиқ юқори даражадаги делегациялар, жумладан, 32 та ривожланаётган мамлакат вакиллари, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция доирасида сиёсийё-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар тадбирлар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг миллий кунлари, маданияти, санъати ва миллий таомлари намойиш этилади. Шунингдек, минтақа давлатларининг миллий ютуқлари, сармоявий ва инфратузилма лойиҳалари, технологик ечимларига бағишланган кўргазма бўлиб ўтади.
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар гуруҳига БМТга аъзо 32 та давлат киради. МДҲ давлатлари орасида Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон унинг иштирокчиларидир. Гуруҳнинг асосий вазифалари аъзо мамлакатларнинг жамоавий иқтисодий манфаатларини ривожлантириш ва илгари суриш, глобал миқёсда келишилган мақсад ва ҳаракат дастурларини самарали амалга ошириш, БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа кўп томонлама форумлар доирасида асосий халқаро иқтисодий масалалар бўйича уларнинг умумий позициясини мустаҳкамлашдан иборат.
Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича халқаро конференцияси муҳим қарорлар қабул қилишнинг асосий платформаси бўлиб, у ҳар ўн йилда бир марта ўтказилади.
2003 йилнинг 28-29 август кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 57/242-резолюциясига мувофиқ Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича биринчи халқаро конференция чақирилди. Ушбу йиғилиш олдидан ҳукуматлараро тайёрлов қўмитасининг очиқ иккита мажлиси бўлиб ўтди.
Анжуман якунлари бўйича самарали транзит транспорт тизимларини яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва чегара назорати тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича глобал асосни шакллантиришга қаратилган Олмаота Ҳаракатлар дастури қабул қилинди.
2014 йил 3-5 ноябрь кунлари Австриянинг Вена шаҳрида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича II конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий натижаси 2014-2024 йилларга мўлжалланган Вена Ҳаракат дастурининг қабул қилиниши бўлди. Дастур денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш бўйича муаммоларини ҳал қилишга оид чора-тадбирларни назарда тутади.
Ўзбекистон юқорида қайд этилган ҳужжатлар доирасида муайян муаммоларни ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга ошириляпти. Улар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан бевосита боғлиқ бўлган миллий таарқиёт стратегиясининг асосий йўналишларидан бирига айланди.
2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 40 та давлат билан ҳаммуаллифликда қабул қилинган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Трансафғон темир йўли қурилиши, Ўрта транспорт йўлагини ривожлантириш, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, Хитой-Марказий Осиё лойиҳалари каби йирик дастурлар ташаббускори бўлди ва уларда иштирок этди.
Бу ички инфратузилмани модернизация қилиш – темир йўлларни қуриш ва электрлаштириш, замонавий логистика узеллари ва терминалларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан тўлдирилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа минтақавий форматларда ўз кун тартибини фаол илгари сурмоқда.
Кўп томонлама ёндашув аллақачон ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон орқали транзит ташиш ҳажми ошиб бормоқда, мамлакатнинг Евроосиёдаги транспорт хаби сифатидаги роли мустаҳкамланмоқда. Энг муҳими, объектив географик чекловларга қарамай, мамлакат ташқи хавф-хатарларга чидамлилигини кучайтириб, жаҳон иқтисодиётига тўлиқ интеграциялашувига йўл очмоқда.
Ўзбекистонда денгиздан икки баравар узоқлик энди қийинчилик сифатида қабул қилинмайди. Бугунги кунда Ўзбекистон учун бу халқаро устуворликларни белгиловчи ва мамлакатни янги Евроосиё логистикасининг фаол иштирокчисига айлантирувчи стратегик омилдир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда бўлиб ўтадиган БМТ конференциясидаги иштироки мамлакатнинг халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва муҳокама этилаётган муаммоларнинг барқарор ечимларини топишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг глобал иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви бўйича янги кун тартибини шакллантиришга конструктив ҳисса қўшади.
“Дунё” АА