Ўзбекистон Президентининг Францияга давлат ташрифи бошланди

12.03.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Париж шаҳрига келди.
Самолёт олдида Ўзбекистон етакчисини Франция миллий таълим, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Элизабет Борн, Париж ҳарбий округи қўмондони генерал Лоик Мизон ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
"Орли" халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Мамлакатимиз делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида Францияда ўқиётган, ишлаётган ва илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ватандошларимиз Президент Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик билан кутиб олди. Давлатимиз раҳбари улар билан самимий суҳбатлашди, ўқиш ва изланишларига муваффақият тилади.
Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун, 12 март кунига мўлжалланган.
Дастурга мувофиқ, Елисей саройида олий даражадаги Ўзбекистон-Франция музокаралари бўлиб ўтади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашув ҳамда Франциянинг етакчи компания ва банклари вакиллари билан давра суҳбати ўтказади.