Наманган вилоятининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти Пекин шаҳрида тақдим этилди

Наманган вилоятининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти Пекин шаҳрида тақдим этилди
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилган Наманган вилояти делегациясининг Хитойга сафари доирасида вилоятнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Хитойнинг 300 дан зиёд компаниялари, савдо ва саноат уюшмалари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Наманган вилоятида турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёни билан таништирилди. Вилоятнинг савдо-иқтисодий жозибадорлиги ва хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва афзалликлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди.
Хитой компаниялари Наманган вилоятида ташкил этилган эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга ҳамда ҳамкорликда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга чақирилди.
Хитой ишбилармонларини қизиқтирган саволларга вилоят масъуллари томонидан батафсил жавоб берилди.