Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни табриклади
06.11.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари Президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади:
Америка Қўшма Штатларининг сайланган Президенти
Дональд Жон Трамп
Жаноби Олийларига
Муҳтарам Трамп Жаноби Олийлари!
Сизни Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг қизғин табрикларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман.
Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади.
Биз Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларимизга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, айнан Сизнинг илк президентлик даврингизда, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокараларимиздан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланган эди.
Сизнинг шахсий эътиборингиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотларимиз янада мустаҳкамланди, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашди.
Юқори даражадаги вакилларимиз ва қонун чиқарувчилар ўртасидаги фаол ташрифлар алмашувлари натижасида ҳамкорлигимиз сифат ва мазмун жиҳатидан юксак босқичга кўтарилди.
Ҳурматли Жаноби Олийлари!
Биз бундан кейин ҳам Сизнинг бошчилигингиздаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришдан, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдормиз.
Шунингдек, “С5+1” платформаси ва “Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими” доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Аминманки, биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, банк-молия, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, инновация, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклигимиз ривожланиб, қўшма лойиҳалар билан самарали бойиб бораверади.
Ишончим комилки, келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг ажралмас қисмига айланади.
Узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Сиз, Жаноби Олийларининг Ўзбекистонга расмий ташрифингизни кутиб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ушбу тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, бошланаётган масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-тотувлик ва бардавом тараққиёт тилаб қоламан.
Самимий эҳтиром ила,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти