Йўл қурилишидаги муҳим вазифалар кўрсатиб ўтилди
16.10.2024
Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни йўл хўжалиги соҳасида қилинган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Автомобиль йўллари – иқтисодиётнинг “қон томири”. Шу боис мамлакатимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, иш кўлами ва сифати ошириб борилмоқда. Хусусан, илгари, 2009-2016 йилларда 9 триллион сўм эвазига минг километрдан кўпроқ йўл қурилган ва 20 минг километр таъмирланган бўлса, сўнгги саккиз йилда бу кўрсаткичлар 6 баробаргача ўсган. Яъни, соҳага 58 триллион сўм ажратилиб, 2 минг километр йўл барпо этилган, 100 минг километри таъмирланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, йўл хўжалиги тизими янада такомиллаштирилди. Хусусан, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация учун масъуллар аниқ белгилаб қўйилди, буюртмачи ва пудратчи функциялари бир-биридан ажратилди.
Йўлларни илмга асосланиб, замонавий ёндашувлар асосида қуришга эътибор кучайди. Масалан, лойиҳа ҳужжатларининг намунавий андозаларидан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятидан келиб чиқиш усулига ўтилди. 1 минг 700 та махсус техника харид қилиниб, йўл хўжалиги корхоналарининг таъминот даражаси оширилди. Янги турдаги асфальт-бетон, цемент-бетон қопламалар жорий этилди.
Натижада сифат ҳам ўзгараяпти. Янги қурилган йўлларнинг эксплуатация муддати 15-20 йил бўлади. Уларнинг ҳолати 42 турдаги кўрсаткич бўйича текшириб борилади. Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинган техникалар йўлнинг физик хоссаларини баҳолаш ҳамда ер остидан ўтган коммуникация тармоқлари ҳолатини қопламани бузмаган ҳолда текшириш имконини беради.
Кўчалардаги ободлик “Яшил макон” дастурининг, умуман, маданиятимизнинг бир қисми. Ҳар мавсум уларнинг икки четида кўчатлар экилмоқда. Шунингдек, дарахтларни парваришлаш учун йўллар бўйидаги ер майдонларини ижарага бериш жорий этилди.
Тақдимотда соҳадаги лойиҳалар ва режалар ҳақида ахборот берилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таҳлилига кўра, сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради. Бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин кунларда “Қўнғирот-Бейнау” йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади. Шунингдек, Гулистон – Андижон, Душанбе – Термиз, Бухоро – Туркманбоши, Урганч – Ҳазорасп йўлларининг муайян қисмлари қайта қурилади.
Соҳага хусусий сектор вакиллари ҳам кенг жалб қилинмоқда. Ҳудудлардаги жами 260 километр йўлларнинг эксплуатацияси аутсорсинг асосида тадбиркорларга берилди. Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида 841 километр йўл қурилишида илк бор тўлиқ маҳаллий пудратчилар қатнашишига келишилди.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтди.
– Ўзбекистоннинг географик жойлашувини эътиборга олсак, ташқи савдода халқаро йўлларнинг аҳамияти жуда катта. Шу боис Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган жами 4 минг километрлик халқаро йўлларимиз энг юқори талабларга жавоб бериши шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш, уларни қатнов даражаси юқори бўлган участкаларда қуриш зарурлиги қайд этилди. Бундай ҳолларда муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши алоҳида қонун билан белгиланади.
Бугунги кунда 4 минг 700 та кўприк таъмирталаб ҳолатда. Уч йиллик дастур ишлаб чиқиб, уларни босқичма-босқич таъмирлаш вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда йўл бўйи инфратузилмаси ривожлантирилиб, савдо ва хизматлар ташкил қилинмоқда. Тақдимотда айтилганидек, бунга қўшимча қарийб 4 минг километрлик халқаро автомагистралларда 70 та сервис мажмуаси барпо этилади.
Йўл ва сув тармоқлари каби инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан яқиндан ишлаш, хорижий консультантларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.