Президент Шавкат Мирзиёевнинг шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумдаги нутқи
11.10.2024
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Гўзал Ашхобод шаҳрида “Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзусида ўтаётган халқаро тадбирнинг барча қатнашчиларини чин қалбимдан қутлашга ижозат бергайсиз.
Анъанавий дўстона қабул ва ушбу ажойиб тадбирни юксак даражада ташкил этгани учун Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ҳамда Туркманистон халқининг Миллий лидери, Халқ Маслаҳати Раиси, қадрли биродарим Гурбангули Маликгулиевич Бердимуҳамедовга самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Азалий қадрият ва анъаналар тобора завол топиб бораётган бугунги нотинч ва мураккаб дунёда Туркманистон раҳбарияти адабиёт ва маърифатни давлат сиёсати даражасига кўтариб, уни халқаро муносабатларда тинчликпарвар ва дўстона мулоқот воситасига айлантираётганини алоҳида эътироф этишни истар эдим.
Бугунги конференциямиз халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросимизни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида улкан амалий қадам бўлиши шубҳасиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Кўҳна Туркманистон кўплаб буюк инсонлар, аллома ва шоирларга бешик бўлган мўътабар диёрдир. Бу ҳақда сўз юритганда, туркман халқининг улуғ фарзандлари – Озодий, Андалиб, Шайдоий, Ғойибий, Мулланафас каби бетакрор мутафаккир ва алломаларни эсга олишимиз табиий, албатта.
Улар орасида туркман халқининг беназир фарзанди, дурдона асарлари билан инсоният тафаккурини бойитган Махтумқули Фироғий ижоди нафақат Шарқ, балки жаҳон адабиётида алоҳида ўринга эгадир.
Улуғ гуманист шоирнинг ўлмас адабий мероси асрлар давомида умуминсоний қадриятлар билан уйғун бўлиб, тинчлик-тотувлик, меҳр-оқибат ва қардошлик каби олижаноб фазилатларни улуғлаб келмоқда.
Қутлуғ 300 йиллик таваллуд айёми ЮНЕСКО раҳнамолигида халқаро миқёсда нишонланаётган буюк шоир асарларининг туб моҳиятида “Дунёни яхшилик, дўстлик, ҳамкорлик, меҳр-шафқат ва инсонийлик қутқаради”, деган эзгу ғоя мужассам.
Шу маънода, кимки туркман халқининг қалбини, юрагини англамоқчи бўлса, туркман элига хос азму шижоат, дўстга садоқат каби юксак фазилатлар манбаини билмоқчи бўлса, албатта Махтумқули шеъриятидан баҳраманд бўлиши керак.
Махтумқули ўзбек халқи учун ҳам ғоят ардоқли ва суюкли сиймо экани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. Ул зот Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган, дунёвий ва диний илмларни чуқур ўрганган. Айни вақтда у буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодини юксак қадрлагани ҳам муштарак тарихимиз саҳифалари орқали яхши маълум.
Бугунги кунда ўлкамизда Махтумқулининг дилбар шеърлари ва қўшиқлари доимо янграб, қалбларимизда яшаб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, унинг боқий асарлари азалдан бир-бирига қардош ва елкадош бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида юртимизда алоҳида қарор қабул қилинди. Ушбу санага бағишлаб адабий кечалар, танловлар, илмий анжуман ва семинарлар ўтказилмоқда. Театрларимизда шоир ҳақида спектакллар қўйилиб, ўзбек ва туркман кино усталари ҳамкорлигида бадиий фильм суратга олинди.
Бугун Тошкент шаҳри ва ҳудудларимиздаги ўнлаб кўча ва хиёбонлар Махтумқули номи билан аталади. Тошкент ва Хива шаҳарларида бу улуғ сиймо хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган.
Айни вақтда биз Туркманистонда ҳам ўзбек халқига, унинг маданияти ва санъати, миллий қадриятларига катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганини юксак баҳолаймиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бугун Туркманистон раҳбарияти ташаббуси ва ғояси асосида маҳобатли Махтумқули Фироғий мемориал мажмуаси барпо этилгани барчамизни чексиз қувонтиради. Бу муаззам маскан қардош туркман элига хос донишмандлик ва бағрикенглик, юксак маърифатпарварликнинг ёрқин тимсолига айланмоқда.
Ана шундай оқилона сиёсат ўтган 30 йил давомида ижобий бетарафлик мақомига эга Туркманистоннинг давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида эришган мислсиз ютуқларида ўз ифодасини топмоқда.
Биз қардош Туркманистон раҳбариятининг ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан келгуси йилнинг “Халқаро тинчлик ва ишонч йили”, деб эълон қилингани ҳамда бу борада ўзига хос глобал мулоқот платформаси яратилаётганини олқишлаймиз. Жумладан, келгуси йили декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган халқаро саммит бу хайрли йўлдаги улкан воқеа бўлади, деб ишонамиз ва туркман биродарларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Азиз дўстлар!
Махтумқули Фироғий бир пайтлар:
“Хизр кезган чўлда эл хуррам бўлсин,
Юртимиз биноси мустаҳкам бўлсин”,
деб эзгу ният қилган эди.
Она Ватанини чин фарзандлик меҳри билан севган, унинг ёруғ истиқболи учун курашган, Ҳақ ва адолат куйчиси Махтумқули Фироғийнинг орзу-умид ва армонлари бугун тўла рўёбга чиқмоқда. Қардош Туркманистон жадал ривожланиб, мамлакатда ободлик ва фаровонлик, давлатнинг халқаро обрў-эътибори тобора юксалиб бораётгани дўст Ўзбекистон халқини ҳам беҳад мамнун этмоқда.
Сўзимнинг якунида, тилагим шуки, дунёга Махтумқули Фироғий каби буюк зотларни берган туркман диёри доимо гуллаб-яшнасин!
Халқларимиз тинч-тотув, азалий дўстлигимиз боқий бўлсин!