“Шарқ тароналари” жаҳон тароналари фестивалига айланмоқда
26.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни “Шарқ тароналари” ўн учинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари нутқининг аввалида меҳмонларни кўришдан мамнунлигини билдириб, уларга халқимизнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. “Шарқ тароналари” фестивали, моҳият эътиборига кўра, бугунги кунда “жаҳон тароналари” анжуманига айланганини таъкидлади.
- Ўтган давр мобайнида Самарқанднинг юлдузли осмони остида қанчадан-қанча сеҳрли наволар, ҳаётбахш оҳанглар янгради. Кўҳна Шарқ бағрида туғилган мусиқий қадриятлар анжуманимиз туфайли халқаро миқёсда кенг эътибор ва эътироф қозонди. Фестиваль ўнлаб маҳоратли хонанда ва созандаларни, истеъдодли ёшларни кашф этди, уларнинг парвозига қанот, ижодига куч ва илҳом бағишлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бундай анжуманлар кўпайди. Мақом, бахшичилик, фольклор ва рақс санъати, ҳунармандчилик фестиваллари каби халқаро маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Булар Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъвати экани қайд этилди.
- Нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур, - деди Ўзбекистон Президенти.
Давлатимиз раҳбари халқлар ўртасида дўстлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, мусиқий меросни ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш масалаларига эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан, “Шарқ тароналари” фестивали тарихи ва мусиқа маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шаклини яратиш, анжуманнинг халқаро “Дўстлар клуби”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Фестивалнинг ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида концерт дастурларини ўтказиш таклифи билдирилди.
Маросимда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлардан фахрий меҳмонлар иштирок этди. Умуман, бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар қатнашмоқда.
Фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтади.