Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ташриф билан Кувайтга борди
ТОШКЕНТ, 13 август. /"Дунё" АА/. Ташриф билан Ал-Кувайтга борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла Али ал-Яҳё билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла Али ал-Яҳё жаноблари билан учрашганимиздан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. – Делегациямиз самимий қабул қилингани учун миннатдорлик билдирамиз. Кун тартибимиз кенг кўламли бўлиб, қатор соҳаларда Ўзбекистон-Кувайт икки томонлама ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган учрашувларни ўз ичига олади".
ТИВ матбуот котибининг маълум қилишича, ташриф давомида қатор икки томонлама музокаралар, етакчи тадбиркорлар билан учрашувлар ва Ўзбекистон-Кувайт бизнес-форумида иштирок этиш режалаштирилган.