Қирғизистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади
17.07.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, бизнес ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан фойдаланиш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, айни кунларда Ўзбекистонда бизнес форуми, ректорлар форуми, Қирғизистон маданияти кунлари ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилмоқда.