Мўғулистон Президенти "Янги Ўзбекистон" боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди
ТОШКЕНТ, 23 июнь. /"Дунё" АА/. Бугун давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси Болорцетцег Лувсандорж ҳамроҳлигида "Янги Ўзбекистон" боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
"Олий мартабали меҳмон мажмуа меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари билан танишди, – деб ёзди Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов ўзининг telegram каналида. – Мажмуа Мўғулистон делегациясида катта таассурот қолдирди".
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Мўғулистон раҳбари Ухнаагийн Хурэлсух Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишади.