Ўзбекистонда III Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади
ТОШКЕНТ, 5 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонда III Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 93 мамлакатдан 2,5 мингдан ортиқ делегатни жамлаган форум глобал мулоқот ва инвестициявий соҳадаги илғор тажриба алмашиш майдонига айланди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари иштирокида минтақавий энергетика лойиҳаларининг (Қамбарота ГЭС-1 ва Ёвон ГEСини қуриш) хорижий инвесторларга тақдимоти бўлиб ўтди.
Форумни 30 та мамлакатдан 110 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан дунёнинг етакчи нашрлари "CNN", "Euronews", " London Post", ва " Associated Press" томонидан ёритилди.
Форум якунига кўра жами қиймати $26,6 миллиардга тенг келишувлар имзоланди. Маълумот учун: 2023 й. ТХИФда $11 млрд. 167 та ҳужжат имзоланганди.
Хусусан қуйидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди:
- "Data Volt" компанияси (Саудия Арабистони) билан ҳамкорликда "Янги Тошкент"да шаҳар инфратузилмасини қуриш ($1 млрд.) ва яшил технологияларга асосланган "маълумотлар марказларини" қуриш ($3 млрд.);
- "Acwa Power" компанияси (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 5 ГВт шамол электр станциясини ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини қуриш ($6,2 млрд.);
- "Amea Power" компанияси (БАА) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш ($1,1 млрд.);
- "Saudi Tabrid" компанияси билан Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш ($750 млн.);
- "Nil Shugar" компанияси (Миср) билан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш ($500 млн.);
- "Shaynxay Knud Interneshnl" компанияси (Хитой) билан Наманган вилоятида текстиль ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ($205 млн.);
- "Vilmar Interneshnl" компанияси (Сингапур) билан Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқариш ($200 млн.).
Бундан ташқари, форумда дунёнинг бир қатор йирик компаниялари ҳисобланган "Oraskom Investment" (Миср), "Bonafarm Grup" (Венгрия), "Sayar" (АҚШ), "Goldvind", "Sinoma" (Хитой), "Sam Yapi" (Туркия), "Pasha Development" (Озарбайжон) "Laselsberger" (Австрия), "Petrosat Chexelsoton" (Эрон) каби компаниялар билан қиймати $6,6 млрд. тенг янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбирда иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган панел сессиялар, муҳокамалар, бизнес нонушта ва давра суҳбатлари каби бой дастурдан иборат бўлди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда давлат, инвесторлар ва тадбиркорларнинг роли марказий мавзулардан бирига айланди.
Сессияда коррупцияга қарши кураш сиёсати бўйича етакчи экспертлар сўзга чиқди. "Иқтисодиётда коррупция ва жиноятчиликка қарши самарали курашиш сармоявий муҳитни яхшилаш учун зарур, – дея хавфсиз ва шаффоф ишбилармонлик муҳитини яратиш муҳимлигини таъкидладилар сўзга чиққанлар.
– Коррупцияга қарши самарали кураш комплекс ёндашувни, жумладан, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва давлат ҳаракатларининг шаффофлигини оширишни талаб қилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов.
Ритейл бўйича сессияда савдонинг асосий муаммолари ва имкониятлари, жумладан, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ва импорт тартиб-қоидаларини соддалаштириш белгилаб берилди. "Янги брендларни бозорга муваффақиятли мослаштириш учун шарт-шароит яратиш зарур", - дея маъқуллашди иштирокчилар.
— Божхона тўловларини пасайтириш тўғрисидаги резолюция туфайли биз Буюк Британия ва Қозоғистондаги каби адолатли нархларни ўрнатишга муваффақ бўлдик, – дейди «Tashkent City Mall» савдо ва маркетинг директори Иля Ляпустин.
Аёллар тадбиркорлигига бағишланган бизнес нонушта тадбиркор аёлларнинг жамиятга таъсири катта эканлигини таъкидлади. Маърузачилар даромадлилик ва ижтимоий масъулият ўртасидаги мувозанатга эришиш учун илҳомлантирувчи мисоллар ва стратегияларни тақдим этдилар.
Хорижий инвестицияларни яшаш учун рухсат олиш дастурлари орқали жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. – Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ҳамкорликка очиқлиги ва кўчмас мулк истиқболлари туфайли ўзини жаҳон инвесторлари учун жозибадор йўналиш сифатида кўрсатди, – дейди Henley&Partners компанияси вакили Акрам Мухаматқулов.
"Таъминот занжирлари ва барқарорлик: ноаниқлик даврида мувозанатни топиш" мавзусидаги давра суҳбатида иштирокчилар глобал таъминот занжирларининг барқарорлиги учун муаммолар ва стратегияларни муҳокама қилдилар. "Туркия ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорликка эга ва биргаликда ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлашимиз мумкин, – деди Туркия савдо вазири ўринбосари Сезай Учармак.
Шунингдек, форум давомида рақамли технологияларни инвестиция стратегияларига интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди. «Рақамлаштириш келажак эмас, бу ҳозирги замон ва у инвестиция жараёнларини тезлаштириш ва уларнинг шаффофлигини оширишда асосий рол ўйнайди», деб таъкидлади финтех экспертлари.
«IT-PARK Uzbekistan: янги ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги питч-сессияда Ўзбекистонни 2030 йилгача минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш режалари тақдим этилди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўнгги инвестицияларнинг аҳамияти билан ўртоқлашди: "Кеча биз муҳим воқеа – йирик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция лойиҳаси бўлган Data Volt’дан 5 миллиард долларлик яшил маълумотлар маркази қурилиши бошланганига гувоҳ бўлдик. Биз ИТ-компаниялар учун қулай муҳит яратмоқдамиз ва Ўзбекистонда офисларни очиш ва бошқариш билан боғлиқ барча хавфларни қоплаш учун "Нол риск" дастурини ишга туширмоқдамиз".
"Алоқалар: Буюк Ипак йўлининг тикланиши" мавзусидаги давра суҳбатида халқаро экспертлар ва давлат идоралари вакиллари Ипак йўлининг қадимий йўналишлари бўйлаб алоқаларни, иқтисодий ҳамкорликни ва маданий алмашинувни кенгайтириш имкониятларини ўргандилар.
"Интеграциялашган шаҳарсозлик: сифатли инвестициялар, атроф-муҳит ва одамлар учун қулайлик" мавзусидаги давра суҳбатида етакчи урбанистлар, меъморлар ва ишбилармон доиралар вакиллари Тошкент шаҳрини ривожлантиришга ёндашувларни муҳокама қилди. Хусусан, БCГ бошқарувчи директори ва катта ҳамкори Владислав Бутенко барқарор шаҳар ривожланишига эришиш учун инновацион ечимларни шаҳарсозликга интеграция қилиш муҳимлигини таъкидлади. У комплекс режалаштиришда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олиш, улар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Форум турли вазирликлар ва вилоятлар учун инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этди. Имзоланган келишувлар саноат, энергетика, фармацевтика ва автомобилсозлик каби муҳим тармоқларни ривожлантиришдан дарак беради.
Рақамли технологиялар вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Data Volt ахборот технологиялари компанияси ўртасида «яшил» технологияларга асосланган дата-марказни қуриш бўйича келишув форумнинг асосий ютуқларидан бири бўлди. Мутахассислар бундай лойиҳаларнинг Ўзбекистон учун муҳимлигини таъкидладилар. Имзолаш маросимида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Data Volt директори Ражит Нанда иштирок этди.
Шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитаси ва «Al Bawani Capital» компанияси ўртасида Сирдарё-Бахт ҳалқа автомобиль йўлини қуриш ва Тошкент-Самарқанд йўлини реконструкция қилиш бўйича келишув имзоланди. Имзоланган келишувлар келгусидаги инвестиция ташаббуслари учун асос бўлиши кутилмоқда.
Тошкентдаги III Халқаро инвестиция форуми якунланди, бироқ режалаштирилган ташаббуслар ва имзоланган келишувлар барқарор ривожланиш ва инвестицияларни жалб этиш йўлида фаол иш олиб боришни ваъда қилмоқда. Ўзбекистон халқаро майдондаги стратегик ҳамкор сифатидаги ролини яна бир бор тасдиқлаб, жаҳон сармоядорлари эътиборини ўзига қаратиб, минтақа иқтисодий ўсишига ҳисса қўшмоқда.