Ўзбекистон Республикаси Президенти ХХР делегациясини қабул қилди
01.04.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни жорий йилнинг январь ойида ўтган олий даражадаги учрашувдаги келишувлар доирасида мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар қайд этилди.
Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.