Савдо ва хизмат кўрсатиш, маданият соҳаларидаги лойиҳалар тақдимот қилинди
09.01.2024
Президент Шавкат Мирзиёев 9 январь куни савдо ва хизматларни ривожлантириш, туризм ва маданият масканларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.
Бу ҳақда ўтган йили 18 декабрда бўлган видеоселектор йиғилишида топшириқлар берилган эди. Хусусан, мамлакатимизда туризм салоҳияти катта экани, уни самарали ишга солиб, туризм масканлари ва меҳмон ўринларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланганди.
Тақдимотда шунга мувофиқ тайёрланган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Тошкент вилоятининг Паркент тумани тоғлари жуда хушманзара. Айниқса, баҳор-ёз мавсумида сайёҳлар билан гавжум. Бу борадаги шароитларни кенгайтириш мақсадида Шаҳрисабздаги Мираки, Паркентнинг Нуробод ва Кумушкон ҳудудларида замонавий дам олиш масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Қашқадарёдаги Майданак тоғ масканида енгил конструкцияли хостеллар қуриш, мавжуд биноларни савдо ва хизматларга қайта ихтисослаштириш, ҳудудни ободонлаштириш мўлжалланган.
Туристлар борадиган жойлардан бири бу – бозор. Лекин бугунги кунда айрим бозорларимиз туристлар учун жозибадор эмас, уларда миллий колорит етишмайди.
Шу боис давлатимиз раҳбари миллий маданиятимизни акс эттирган бозор мажмуалари лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйган эди. Тақдимотда тарихий шаҳарларимиздаги бозорларни туристлар учун жозибадор масканларга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар намойиш қилинди.
– Бозорларимизнинг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда уларни юртимизнинг “ташриф қоғози”га айлантириш керак. Озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик дўконлари, ошхоналар, кўнгилочар масканлар ҳамоҳанг бўлиши, харидорлар ва туристларни ўзига жалб қилиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада Туркия ва араб мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, лойиҳалаштиришга хорижий мутахассисларни таклиф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Тақдимотда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказларида қурилиши режалаштирилаётган бозорлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари уларда ҳам ҳудудий колоритни акс эттириш, туристлар учун кенгроқ шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг мажлисида Тошкент давлат цирки фаолиятини яхшилаш масаласига тўхталиб ўтган эди. Бугунги тақдимотда ушбу маданият даргоҳини таъмирлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида 300 ўринли ўқув биносини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни такомиллаштириш ва сифатли қуриш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.