Ўзбекистон Президенти МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди
26.12.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян қатнашди.
Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз Ҳамдўстликда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилди.
МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди ва деярли барча тармоқларни қамраб олган.
Давлатимиз раҳбари МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этди.