Тошкентда Европа Иттифоқининг BOMCA ва CADAP дастурларининг 20 йиллик якунлари сарҳисоб қилинди

ТОШКЕНТ, 16 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Тошкентда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш (BOMCA) ва Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар тарқалишини олдини олиш бўйича (CADAP) етакчи дастурларининг 20 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирни Европа Иттифоқи Делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан очар экан, BOMCA ва CADAP нафақат етакчи, балки бутун дунёда биз амалга ошираётган минтақадаги энг узоқ муддатли дастурлардан бири эканлигини таъкидлади. «ЕИнинг ушбу икки ташаббуси минтақавий ривожланиш ва хавфсизликка содиқликни ифодалайди ва биз донорлар сифатида бу жараённи диққат билан кузатиб борамиз», - деди у.
CADAP дастури директори Эрнест Робелло ўз чиқишида қуйидагиларни таъкидлади:«CADAP сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши сиёсат ривожига тизимли равишда сармоя киритди. Тажриба алмашиш ва халқаро стандартларни миллий ҳамкорлар фаолиятига жорий этиш нафақат гиёҳванд моддаларга қарши сиёсат соҳасидаги салоҳиятни оширади, балки маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш ва гиёҳванд моддаларга тобе бўлиб қолиш натижасида касалланган одамларни даволаш соҳаларидаги салоҳиятни кучайтиради. Дастур, шунингдек, Марказий Осиёдаги профессионалларнинг ҳудудий бирлашмалари ва тармоқларини яратишни қўллаб-қувватлади ҳамда уларнинг Европа Иттифоқи ва унинг ихтисослашган агентликлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлайди».
BOMCA 10 дастури координатори ўринбосари Владимирс Загузовс ўз навбатида, Европа Иттифоқи Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастурини чегаралар хавфсизлиги ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасида чегараларни янада самарали бошқариш соҳасида ЕИ -Марказий Осиёнинг мулоқотини қўллаш мақсадида 2003 йилда ишга туширилганини таъкидлади. «Сўнгги йигирма йил давомида BOMCA миллий ҳамкор агентликларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлади, ЕИга аъзо давлатларнинг тажрибаларидан келиб чиқиб, энг яхши амалиётларини киритган ҳолда чегара, божхона ва ветеринария идораларининг кўникмаларини оширишни давом эттирди», - деди у.