Ўзбекистон-Франция: ўзаро яқинлашув йўлида
Ўзбекистон-Франция: ўзаро яқинлашув йўлида
Франция Президенти Эммануэль Макрон 1-2 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ўзбекистон ва Франция ўртасида 1992 йил март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривож топиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга олий даражадаги учрашув ва музокараларга бой бўлган иккинчи ташрифини амалга оширди. Ушбу ташриф доирасида Франция Миллий Ассамблеяси раиси Яэль Брон-Пиве, Франциядаги етакчи компания ва молия институтларининг вакиллари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган Тараққиёт стратегияси Франция раҳбарининг ислоҳотлар дастури билан яқинлиги, йирик халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда икки давлат ёндашувларининг ўхшашлиги Ўзбекистон - Франция муносабатларининг янги даражага чиқишига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришга, замонамизнинг янги хавф-хатар ва таҳдидларига биргаликда қарши туришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларига эришишга қаратилган минтақавий сиёсати Франция ташқи сиёсатининг Марказий Осиё йўналишидаги интилишларига ижобий таъсир кўрсатадиган мутлақо бошқа минтақавий муҳитни яратди.
Юқори даражадаги алоқалар ҳам янги ўсувчанлик касб этди.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон – Франция» дўстлик гуруҳлари фаол фаолият кўрсатмоқда. Икки давлат парламентлари аъзолари ўзаро ташрифлар алмашуви доирасида парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш истиқболларини мунтазам муҳокама қилаяптилар.
Ўзбекистон ва Франция БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам шериклар ҳисобланади.
Франция Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий соҳалардаги муҳим ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий алоқалар ҳам тобора фаоллашмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги 47 та корхона, жумладан, 100 фоиз Франция сармояси асосидаги 17 та корхона фаолият кўрсатмоқда. «Veolia», «Suez», «EDF», «Total Eren», «Voltalia», «Orano», «Airbus» каби етакчи компанияларнинг мамлакатимиздаги фаолияти геология-қидирув, энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари ҳисобланади. Улар коммунал хизматлар, энергетика ва транспортнинг асосий тармоқларида хизмат кўрсатмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия Ўзбекистон-Франция муносабатларининг бу борадаги барча жиҳатларини кўриб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг фаолияти икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада диверсификация қилиш ва чуқурлаштиришнинг янги йўналишларини аниқлашга ёрдам беради.
Жорий йил апрель ойида Тошкентда Франция Тадбиркорлар ҳаракати - «MEDEF International» билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ва 35 дан ортиқ Франция компаниялари вакиллари иштирок этган бизнес-форум Франция ишбилармонларининг ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганини яққол тасдиқлади.
2018 йилдан буён Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасига эга бўлган Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик ҳам самарали ривожланмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида имзоланган ФТА билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 1 миллиард евродан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга мувофиқ, Франция билан савдода энг қулай давлат режими ўрнатилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги Ўзбекистон-Франция муносабатлари кўп қиррали ва истиқболли ҳисобланади. Улар қамров доирасининг кенглиги, шунингдек, юқори ўсувчанлиги ва ўзаро манфаатдорлиги билан ажралиб туради.
Ўтган йил ноябрь ойида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон томонидан «Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазманинг очилиши мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ривожи тарихидаги муҳим воқеа бўлди. Ушбу кўргазма бир неча йил давомида тайёрланган бўлиб, унда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар музейларидан сақланаётган тарихий буюмлар ўрин олган. Бир қанча ўзбек-француз қўшма экспедициялари бўлиб ўтди, улар давомида қатор археологик кашфиётларга эришилди. Бундан ташқари, Лувр ва Ўзбекистон мутахассислари томонидан бир неча босқичда кенг кўламли реставрация ишлари амалга оширилди. Шу куни Париждаги Араб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмаси ҳам очилди. Ушбу кўргазма уч ойдан ортиқ вақт давомида Франция аҳолиси ва меҳмонларини мамлакатимизнинг бой ва ноёб тарихий-маданий мероси билан таништирди.
Францияда фаолият юритаётган, 1988 йилда ташкил этилган Темурийлар даври санъати ва тарихини ўрганиш ассоциацияси ҳамда «Авиценна-Франция» уюшмаси ўзбек халқи тарихи ҳамда меросига бўлган катта қизиқишнинг далилидир.
Франция ва Ўзбекистон маданияти ҳамда анъаналарининг ўзаро таъсири, дўстона алоқалари самарали ривожланиб бораётганининг яна бир тасдиғи сифатида Руэй-Мальмезон – Бухоро ва Лион – Самарқанд шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганини айтиш мумкин. Франция томони ўзбек халқининг бой маънавий ва маданий-тарихий меросига ҳурмат белгиси сифатида Франция шаҳарларида «Ўзбек боғи»ни очди, қомусий олим Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек ҳайкалларини ўрнатди.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда француз тили, адабиёти ва маданиятини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ўрта махсус ва олий таълим соҳасида фаолият юритаётган уч мингга яқин ўқитувчилар 200 мингга яқин ўқувчи ва талабаларга француз тилидан сабоқ бермоқда. Ўзбекистондаги 700 та умумтаълим мактаблари ва 6 та ихтисослаштирилган мактабда француз тили ўқитилмоқда. 13 та университетда француз ёки роман тиллари кафедралари ташкил этилган бўлиб, уларда талабалар француз тилини асосий тил сифатида ўрганадилар. 2019 йилда Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослаштирилган мактабга Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси асосчиси, Франция фуқароси Люсьен Керэн номи берилди.
Ўзбекистонда француз тили ва маданиятини ривожлантириш, ўзбек-француз ҳамкорлигини мустаҳкамлашда мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритаётган Француз альянси ва Франция мактаби муҳим ўрин тутмоқда.
Француз тили ўқитувчилари халқаро ассоциацияси ҳузурида Ўзбекистон француз тили ўқитувчилари уюшмаси ташкил этилди.
Университетлараро ва академик ҳамкорлик алоқалари ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. 2018-2023 йилларда таълим соҳасида туризм, археология, дизайн ва мода, француз филологияси, авиация, инклюзив таълим, бизнесни бошқариш, энергетика, сиёсатшунослик, авиация ва бошқа йўналишларда 50 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланди. Хусусан, сўнгги йилларда Франциянинг Париж-Сюд, Париж I Пантеон-Сорбонна, Париж II Пантеон-Ассас, Париж IV Сорбонна, Гренобль университети, Гренобль университети Ницца София-Антиполис, Бриттань-сюд университети, Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти, Тулуза университети, Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти, Версал миллий олий архитектура мактаби ва бошқа олий таълим муассасалари билан университетлараро алоқалар ўрнатилди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Франция Миллий бошқарув мактаби ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш керак.
2019 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Париж халқаро мода академиясининг қўшма факультети, Бухоро давлат университети қошида «Vatel» туризм ва меҳмонхона бизнесини бошқариш мактабининг филиали ташкил этилди. Тошкент давлат транспорт университетида Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан ҳамкорликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби очилди. Ўз навбатида, Сорбонна университети ҳузуридаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институтида ўзбек тилини ўргатувчи курслар йўлга қўйилган.
2021 йил октябрь ойида Тошкентда ва 2022 йил ноябрда Парижда икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида биринчи ва иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумлари бўлиб ўтди.
Франция олий таълим ва илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда республикамизда инклюзив таълимни ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида Франция университетлари консорциуми иштирокида Ўзбекистон-Франция кўп тармоқли университетини ташкил этиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Археология ва маданий меросни сақлаш соҳасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Франциялик ҳамкорлар Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам кўрсатаяпти. Улардан бири Афросиёб музейидаги «Элчилар» фрескасини реставрация қилиш лойиҳасидир.
2018 йилда Францияда бўлиб ўтган 71-Канн халқаро кинофестивалида «Ўзбекистон» павильонининг илк маротаба очилиши кинематография соҳасида муҳим воқеа бўлди. 2019 йилда Каннда бўлиб ўтган 72-Халқаро кинофестиваль доирасида («Marché du Film») Ўзбекистон павильони очилди.
Франциялик сайёҳлар мамлакатимизга ташриф буюриш бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Бунга Францияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўп жиҳатдан ёрдам бермоқда. Жумладан, машҳур «France 5» телеканалининг «Ажойиб сайр» дастури доирасида Ўзбекистон ҳақидаги фильмни 1,4 миллион томошабин кўрган. Бу кўрсатгич ушбу теледастур тарихидаги энг яхши натижа сифатида қайд этилаяпти. Қолаверса, таниқли француз актёри Жерар Депардьенинг Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси этиб тайинлангани ҳам мамлакатимиз жуда қизиқарли ва истиқболли сайёҳлик йўналиши сифатида кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Мухтасар айтганда, ҳеч шубҳасиз, динамизм ва стратегик йўналтирилганлиги билан ажралиб турадиган кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатлари улкан истиқболга эга, дея айта оламиз. Шу нуқтаи назардан, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга бўлажак ташрифи сўнгги йилларда фаоллашган Ўзбекистон - Франция муносабатларининг мантиқий давоми бўлиб, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш учун замин яратади.