«Ханчжоу-2022»: Якунланган IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аввалги рекордини яхшилади
ТОШКЕНТ, 30 окябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 22-28 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида IV Параосиё ўйинлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кеча IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган матонатли параатлетларимиз юртимизга қайтиб келишди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Спортчиларимизни Тошкент остонасида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, уларнинг ота-оналари ва ОАВ вакиллари кутиб олишди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Миллий Паралимпия қўмитаси вакиллари ва бошқалар қутлашди.
Хусусан, Одил Абдураҳмонов ўз нутқида ҳар тўрт йилликнинг асосий қитъа мусобақаларида муваффақиятли иштирок этган паралимпиячиларни табриклаб, ушбу натижалар давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, сўзга чиққан спортчи ва мураббийлар давлатимиз томонидан яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам Ўзбекистон шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилишларини қайд этишди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, IV Параосиё ўйинларида 40 дан зиёд давлатдан тўрт мингга яқин пара спортчи медаллар учун кураш олиб борди.
Ўзбекистондан эса 74 нафар спортчи пара дзюдо, пара сузиш, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг, пара каноэ ва академик эшкак эшиш, пара таэквондо, пара велоспорт турларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Вакилларимиз қийин ва муросасиз кечган баҳслар якунларига кўра, 25 олтин, 24 кумуш ва 30 бронза, жами 79 медални қўлга киришди.