Ўзбекистон Президенти АҚШга келди 16.09.2023
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирларида иштирок этади.
Бугун давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрига келди.
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Нью-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 19 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи сессиясининг умумий мунозараларида нутқ сўзлайди ҳамда минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён қилади.
Йилнинг бош халқаро сиёсий тадбири доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчилари саммити, хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтади.