Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар
19.08.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрига келгач, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди.
Бош вазир давлатимиз раҳбарига Венгриянинг миллий байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда ҳамда шу кунларда Венгрия пойтахтида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалида шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Венгрия Ҳукумати ва дўст халқини миллий айём билан дилдан қутлади. Будапештда ўтказилаётган жаҳон биринчилиги ушбу мамлакат спорт соҳасида бой анъаналарга эгалиги ва кейинги йилларда бу борада юксак муваффақиятларга эришаётганининг далолати эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги келишувлар самарали амалга оширилмоқда, парламентлар, ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилган.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналар кооперацияси кучаймоқда.
Венгриянинг OTP банки Ўзбекистон банк-молия бозорига кириб келгани стратегик аҳамиятга эга экани ҳамда Европа бизнеси учун муҳим ишора бўлгани эътироф этилди.
Бундан ташқари, Венгриянинг Bonafarm, Gedeon Richter, Meditop, Wizz Air каби йирик компаниялари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларида фаол қатнашмоқда.
Маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни янада илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Жорий йил 20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.
Минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.