Ўзбекистонда судланганлар ва маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш: қонунчиликни такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш
Ўзбекистонда судланганлар ва маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш: қонунчиликни такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи шахснинг озодликда ёки жазо муддатини ўтаётганидан қатъи назар ўз долзаблигини йўқотмайди. Маҳкум ва маҳбуслар ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган муайян ҳуқуқларга эга. Хусусан, Конституциямизда озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга экани белгиланган.
Қолаверса, Асосий қонунимизга кўра, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”, яъни шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари, ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги кўрсатилган.
Конституциямизнинг янги таҳририга ҳибсга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ва шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги бўйича ҳам алоҳида норма киритилди.
Мазкур нормаларнинг бевосита Конституцияда акс этиши мамлакатимизда инсон қадри устуворлиги ва қийноқ ҳолатларига қарши кураш борасида Ўзбекистон ўз қатъий позициясига эгалигини кўрсатади. Бу жараёнда ҳукумат тизимни ислоҳ қилиш билан бирга, улар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини мақсад қилган.
Аслини олганда қийноқларга қарши курашиш масаласи дунё миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан саналади. Шу сабабли дунё ҳамжамияти ушбу иллатга қарши курашда кучларни бирлаштириш, халқаро миқёсда бажарилиши мажбурий бўлган нормаларни ишлаб чиқиш йўлидан бормоқда.
Маълумки, 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюцияси билан Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияга доир факультатив протоколида миллий превентив механизм (МПМ) ташкил этилиши назарда тутилган.
МПМ – ҳар қандай қийноқ кўринишлари олдини олиш мақсадида мустақил халқаро ва миллий органларнинг озодликдан маҳрум этилган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам ташрифлари тизимини яратишдир.
Сир эмас, озодликда бўлган инсонларга нисбатан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бироз мураккаб жараён эди. Чунки, авваллари ёпиқ муассасаларда бўлаётган ҳодисалар доим ҳам жамоатчилик назоратида бўлавермасди.
2019 йилда Омбудсман ҳузурида илғор халқаро тажрибаларга асосланган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилганидан сўнг пенитенциар муассасалар Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг доимий назоратида бўладиган объектларга айланди. “Омбудсман плюс” модели асосида ташкил этилган МПМ ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитларини ўрганиши, улар билан мулоқот қилишига замин яратди.
Ташрифларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилмоқда. Аҳамиятли томони, мониторинг ташрифларида ОАВ ходимлари ҳам иштирок этиб, уларга пенитенциар муассасалардаги шароитларни ўз кўзи билан кўриш, маҳкум ҳамда маҳбуслар билан мулоқот қилиш учун имконият яратилди. Мониторинг ташрифлари давомида аниқланаётган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот ва ахборотлар, хулоса ва тақдимномалар ҳамда талабномалар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилмоқда.
Биргина 2022 йил якуни бўйича 381 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган бўлса, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 348 тани ташкил этди. Рақамлардан ҳам маълумки, Омбудсман жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда маҳкум ва маҳбусларга қонунчиликда белгиланган шароитларни ўрганиш ва қийноқ ҳолатларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича фаолиятини кучайтириб бормоқда. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди. 2019 йилдан то ҳозирга қадар 25 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий, уларнинг 6 мингга яқини билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида 10 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган ва назоратга олинган. Ушбу рақамлар маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга мурожаат қилиш ҳуқуқлари таъминланаётганини кўрсатади.
Шу ўринда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига ўрнатилган “Омбудсман қути”лари ва уларнинг аҳамиятига тўхталиш зарур. Ушбу қутилар маҳкум ва маҳбуслар мурожаат ташлаши учун қулай жойларга ўрнатилади ва уларни фақатгина Омбудсман вакили очиш ҳуқуқига эга. Бу мурожаат ва аризалар ҳар икки ҳафтада кўриб чиқиш учун олиб кетилади.
2022 йилдан эътиборан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлаши ҳам пенитенциар муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари қамровини янада кенгайтирди.
Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган қийноққа оид хабарлар ҳам тезда назоратга олиниб, жойига чиқиб ўрганиляпти ва тегишли чоралар кўрилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Омбудсман ҳузуридаги МПМ фаолияти янада кучайтирилди. Жумладан, Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юкланди.
Ўзбекистонда қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланилмаслиги мумкинлиги ҳам қатъий белгилаб қўйилганини қайд этиш лозим. Қолаверса, мансабдор шахсларни ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланилиши белгиланган. Жиноят кодексида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Бу каби нормалар кўплаб давлатлар қонунчилигида мавжуд эмас.
Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги қарори билан Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қўрғонида жойлашган жазони ижро этиш колонияси тугатилиши ҳам қийноқ ҳолатларини бартараф этиш борасидаги муҳим қадам бўлди.
Умуман олганда, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитларни ҳозирги ва 5 йил аввалгиси билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Ушбу ўзгаришлар, албатта, тизимдаги ислоҳотлар ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши мевасидир.
Кейинги етти йилда маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 5 та қонун, Президентнинг 1 та фармони, 6 та қарори, ҳукуматнинг 11 та қарори ва фармойиши, 15 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Буларнинг барчаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси принципларини тўлақонли амалга ошириш учун хизмат қилади, албатта.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси асосида қабул қилинган Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари 2019 йилда миллий қонунчилигимизга имплементация қилинди. Унга кўра, маҳкумларга психологик ёрдам олиш ҳуқуқи берилди, тиббий ёрдамга муҳтож маҳкумларни соғлиқни сақлаш муассасаларига жойлаштириш, oғup касалликка чалинганларига телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шифокорнинг рухсати бўлса, яқинлари билан учрашишга рухсат берилди, руҳий ҳолати бузилган вақтда маҳкум томонидан содир этилган тартиббузарлик учун интизомий жазо чораларини қўллаш бекор қилинди.
2019 йилдан маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди ҳамда ёпиқ турдаги колониялардаги маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиш сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди.
Қонунчиликка 2023 йилда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, маҳкумларнинг муассасада ишлаган даврини умумий меҳнат стажига қўшиш орқали уларга келгусида пенсия олиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, Жиноят-ижроия кодексига киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, маҳкумларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириб, уларга сурдотаржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг яшаш майдони 2,5 квадрат метрдан 3 квадрат метргача оширилди ва улар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиши белгиланди.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғи ҳолати, меҳнат қобилияти ва ихтисослигини ҳисобга олган ҳолда ишлашининг белгиланиши ҳам инсонпарварлик тамойилининг ёрқин ифодасидир.
Сайлов кодексига мувофиқ, ижтимоий хавфи катта ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга сайлов ҳуқуқи берилиб, уларнинг давлат бошқарувида иштирок этишига замин яратилди. Маълумотларга кўра, жорий йил 9 июлдаги Президент сайловида пенитенциар муассасаларда сақланаётган 34 мингга яқин шахс иштирок этди.
Жазони ижро этиш тизими фаолиятига рақамли технологияларни, жумладан, интеллектуал “Smart” камералар, видеорегистратор, рентген-сканер қурилмаси, электрон дўконлар жорий этиш, “онлайн” видеоучрашув хизматини йўлга қўйиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Албатта, тизим фаолиятининг рақамлаштирилиши пенитенциар муассасаларда ишловчи ходимлар ишини енгиллаштириши билан бирга улар масъулиятини ҳам оширади. Пировардида, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш орқали инсон ҳуқуқлари таъминланишига замин яратилади.
Феруза Эшматова,
Олий Мажлиснинг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)