ИТИМ директори Обид Ҳакимов: Хитой Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун муҳим стратегик шериклардан биридир
ИТИМ директори Обид Ҳакимов: Хитой Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун муҳим стратегик шериклардан биридир
Сўнгги 6 йилда Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан умумий товар айирбошлаш ҳажми 2 баробарга 24,3 миллиард доллардан 49,6 миллиард долларга ошди
Ўзбекистон делегацияси Пекин шаҳрида Ривожланиш бўйича Халқаро билимлар маркази (РХБМ) томонидан ташкил этилган «Билимларни ривожлантириш: Хитой-Марказий Осиё» мавзусидаги симпозиумида иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад Хитой ва Марказий Осиё (МО) ўртасида билим алмашиш тармоғини ривожлантириш ва келгусида ҳамкорликдаги тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантиришдан иборат эди.
РХБМ 2017 йилда Си Цзинпин ташаббуси билан БМТ 2015 йилги ривожланиш саммитида ташкил этилган. Билимларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланади.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари давлат сектори вакиллари, илмий ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этди.
Анжуман давомида Марказий Осиё мамлакатларидаги ривожланиш муаммолари, жумладан, камбағалликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси, яшил ривожланиш ва рақамлаштириш масалалари, шунингдек, Марказий Осиё ва Хитой ўртасида янада кўпроқ билим алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Ривожланиш тадқиқотлар маркази директори, Ривожланиш бўйича Хитой халқаро билимлар маркази директори Лу Хао ялпи мажлисдаги нутқида Хитой томони Марказий Осиё мамлакатлари учун билим ва тажриба алмашиш, камбағалликни камайтириш сиёсати, иқтисодиёт тармоқларида инновациялар ва инсон салоҳиятини ривожлантиришда ҳамкорлик учун тайёрлигини таъкидлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) директори Обид Хакимов ялпи мажлисда сўзга чиқиб, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун асосий стратегик ҳамкорлардан бири бўлган Хитой билан муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият бераётганини таъкидлади. Шундай қилиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда ва Хитой ташаббуси билан яратилган «Марказий Осиё – Хитой» ҳамкорликнинг янги формати уни янги босқичга кўтаришга ёрдам беради, унинг биринчи саммити жорий йилнинг май ойида Сиан шаҳрида бўлиб ўтди.
ИТИМ директори Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликда савдо алоқалари алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. Сиан саммитида, биринчи навбатда, саноат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришнинг мутаносиб ўсиши, самарали савдо-логистика инфратузилмаси ва замонавий улгуржи савдони шакллантириш, «яшил» ва экспресс йўлак тизимини жорий этиш, шунингдек, умумий электрон тижорат платформаларини яратиш ҳисобига 2030 йилга келиб Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини икки баробар ошириш вазифасини ҳал этишга қатъий ишонч билдирилди.
Обид Хакимов, шунингдек, ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ўртача 5,5% юқори ўсиш суръатларини кўрсатганини, сўнгги 6 йил ичида Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ЯИМ 291 миллиард доллардан 406 миллиард долларгача 1,4 баробар ўсганини айтиб ўтди. Таъкидланганидек, Хитой барча Марказий Осиё мамлакатларининг асосий савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклари қаторига киради ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари савдо айланмасида энг яхши 1-3 ўринларни эгаллайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги 6 йилда Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан умумий товар айирбошлаш ҳажми 2 баробарга 24,3 миллиард доллардан 49,6 миллиард долларга, экспорт 1,8 баробарга 14,5 миллиард доллардан 26,4 миллиард долларга, импорт 2,4 баробарга 9,8 миллиард доллардан 23,2 миллиард долларга ошган.
Ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада кўтарилди. Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми 6 йилда 1,9 баробар 4,7 миллиард доллардан 8,9 миллиард долларга, экспорт 1,2 баробар 2,0 миллиард доллардан 2,5 миллиард долларга, импорт 2,4 баробар 2,7 миллиард доллардан 6,4 миллиард долларга ўсди. Шу билан бирга, 2022 йилда Хитойнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 17,9%, экспортда 13,0%, импортда 20,9%ни ташкил этди.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой биринчи ўринга чиқди.
Ўзбекистоннинг Хитой билан инвестициявий ҳамкорлигида ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда. 2017 йилдан буён ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 5 баробар ошди ва 11 миллиард долларни ташкил этди. Биргина 2022 йилнинг ўзида 2,2 миллиард доллар Хитой инвестицияси ўзлаштирилди, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Хитой капитали иштирокидаги 1860 корхона фаолият кўрсатмоқда, бу 6 йил аввалгидан 2,3 баробар кўпдир.
Обид Хакимов Ўзбекистон ўзаро ҳамкорлик қилиш ва Хитой тажрибасини ўзлаштиришдан манфаатдор бўлган устувор йўналишларни қайд этди. Қишлоқ хўжалиги ва саноатни самарали ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт коммуникациялари ва камбағалликни камайтириш сиёсати соҳаларида Хитой билимлари, инновациялари ва технологиялари шулар жамласидандир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ушбу кўрсаткичларга эришиш учун Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон ҳудудларида ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасини жорий этиш ёрдам беради. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар замонавий муаммоларни самарали ҳал этишга ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳам хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида симпозиум иштирокчиларининг жойларда олиб борилаётган камбағалликни қисқартириш сиёсати билан танишиш мақсадида Уйши қишлоғига икки кунлик сафар ташкил этилди. Мутахассислар ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва сайёҳлик зоналарини комплекс ривожлантириш бўйича Хитой тажрибасининг амалий жиҳатлари билан танишдилар.