Хитойдан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг ўзаги бўлиб қолди
Хитойдан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг ўзаги бўлиб қолди
ПЕКИН, 25 июль. /«Дунё» АА/. Хитойнинг эксперт ва ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига доир қуйидаги фикр-мулоҳазаларини “Дунё” ахборот агентлиги билан ўртоқлашдилар:
"CАМC" муҳандислик корпорациясининг (ХХР) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Го Цзыцзе:
- Биз Ўзбекистон компаниялари билан 16 йилдан ортиқ давр мобайнида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Шуни қайд этиш жоизки, мамлакатда савдони эркинлаштириш Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларга экспортини изчил ошириш учун янги имкониятлар эшикларини очди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз. Ҳеч қандай муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар натижаларини Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда.
Рақобат кучайиб бораётган ва турли бозорларда олдиндан айтиб бўлмаслиги билан ажралиб турадиган замонавий халқаро савдо муҳити шароитида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатда тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланмоқда, экспортни кўпайтириш ва инвестицияларни жалб қилишга кўмак кўрсатилмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва фаровонлиги учун кафолатдир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ва жадал ривожланмоқда. Бунда, шубҳасиз, мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида ўрнатилган яқин ва дўстона муносабатлар муҳим ўрин тутаётир.
Хитойлик ишбилармонлар Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг улкан истиқболларига ишонишади, бунинг учун бугунги кунда барча зарур шароитлар яратилган.
«Alibaba International Digital Commerce Group» гуруҳининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бош менежери Даниэль Чжау:
- Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити юзага келди. Қисқа вақт ичида бутун дунёдан келадиган хорижий инвесторлар, шу жумладан, хитойлик сармоядорлар учун жозибали бўлган либерал, очиқ бозор шаклланди.
Ўзбекистонда муваффақият билан фаолият олиб бораётган компаниямиз бунга кўплаб мисоллардан бири бўла олади. Айтишим мумкинки, Ўзбекистон бозоридаги ҳамкорларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда бизнинг савдо майдончамизда 100 дан ортиқ Ўзбекистоннинг экспорт компаниялари мавжуд бўлиб, уларнинг 6 мингдан зиёд турдаги тайёр маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, сўнгги йилларда электрон тижорат жаҳон савдоси ривожланишининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий корхоналар учун ҳеч бир тўсиқларсиз бизнес юритиш учун барча шароитлар яратилгани қувонарли ҳолдир.
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгашининг Ижтимоий ривожланиш маркази ҳузуридаги Евроосиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари институти директорининг ўринбосари Сюй Тао:
- Бугунги кунда мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилган Хитой - Ўзбекистон муносабатлари ривожини кузатиш менга мамнуният бағишлайди.
Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йиллар давомида икки мамлакат ўртасида савдо, иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик жадал равнақ топмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, жорий йил якунлари бўйича Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикасининг биринчи савдо шериги бўлади.
2022 йили ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи муваффақиятли кечди, 2023 йилнинг май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Хитойга ташриф буюргани ҳолда Марказий Осиё - Хитой саммитида иштирок этди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда ҳар томонлама стратегик шерикликнинг асосий йўналишлари ва истиқболли соҳалари белгилаб олинди, шу тариқа келгуси йиллардаги икки томонлама ҳамкорлик нуқтаи назаридан янги қарашлар юзага келди.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланиб бораётгани, ўзбек ёшларининг Хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани ўзаро алоқаларда муҳим омил бўлмоқда. Бу ҳам қувонарли ҳолдир. Ушбу тамойил, шубҳасиз, сўнгги йилларда Ўзбекистонда алоҳида эътиборга сазовор бўлган таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумки, таълим тизимини модернизациялаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда бой тарихий ва маданий мерос, ёш авлодни ривожлантириш ва тарбиялаш учун юксак илмий салоҳият мавжуд. Бу Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш нуқтаи назаридан жуда муҳим аҳамият касб этади.
Хитойнинг «Psearcher» нашриёт компанияси бош менежери Ван Минмэй:
- Мутахассисларимиз Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши қамрови ва унинг ўсувчанлигини катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш якунланди ва бугунги кунда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган муҳим вазифалар муваффақият билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ёшлар сиёсати бўлиб, унда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунарга йўналтиришнинг самарали тизимини яратиш ва бандликни таъминлаш бўйича барча шароитлар яратилган. Ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус фондлар ва электрон платформалар яратилган. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда Учинчи Уйғониш даври қурилишининг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.
Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтининг “Бир макон, бир йўл" илмий-тадқиқот маркази раҳбари Гао Ханьсюн:
- Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, прагматик сиёсати туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг ўзаги бўлиб қолди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик фаол ривожланмоқда, натижада минтақада мутлақо янги муҳит пайдо бўлди. Шу аснода биз Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги шаклда фаоллашаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу эса биргаликдаги тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Хитой ва Ўзбекистон кўп минг йиллик муносабатлар тарихига эга. Мамлакатларимиз кўп асрлар давомида кўҳна Ипак йўли бўйлаб шаклланган савдо ва маданий алмашувнинг фаол алоқаларини сақлаб келмоқда.
Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида илгари сурилган вазифаларнинг ўхшашлиги ва яқинлиги туфайли ўзаро ҳамкорликнинг тубдан янги, юқори даражасига кўтарилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратмоқда.