Хитойдан муносабат: Янги Ўзбекистон қурилишининг давом этиши бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсир кўрсатади
Хитойдан муносабат: Янги Ўзбекистон қурилишининг давом этиши бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсир кўрсатади
ПЕКИН, 16 июль. /«Дунё» АА/. Хитой эксперт-таҳлил, ишбилармон доиралар вакиллари ва ОАВ ходимлари «Дунё» АА учун интервьюсида 14 июль куни бўлиб ўтган Янги сайланган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқи ҳақидаги фикрларини баён қилдилар:
Хитой Давлат кенгашининг Ижтимоий ривожланиш маркази ҳузуридаги Евроосиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари институти директори Ли Юнцюань:
- Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқи менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон раҳбари келгуси йиллардаги ривожланишнинг барча устувор йўналишларини белгилаб берди. Улар Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши йўлида жуда долзарб ва узоқни кўзлаган қарорлардир.
Президентнинг «Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори» деган шиори бошланган ишларни давом эттиришга куч бағишлайди. Бугунги кунда ривожланиш йўлида бир кунни ҳам йўқотиб бўлмайди, чунки дунё жуда тез ўзгармоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш йўлидаги аввалги йўналишини сақлаб қолишини қувонарлидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа равнақи ва барқарорлигига хизмат қилмоқда.
Ишончимиз комилки, Янги Ўзбекистон қурилишини давом эттирилиши бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсир кўрсатади.
Халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти директори Дин Сяосин:
- Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг тантанали маросимдаги нутқида миллий тараққиётнинг янги устувор йўналишларини белгилаб бергани ислоҳотлар изчиллиги ва очиқлик сиёсатидан далолат беради. Ўзбекистон раҳбари нутқи таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатнинг янгиланган Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари унинг давлат фаолиятида биринчи ўринда туради.
Белгиланган бир қатор вазифалар чуқур концептуал характерга эга бўлиб, Ўзбекистонни янада модернизация қилиш ва янги рақобатбардош давлатга айлантиришга хизмат қилишга қаратилган. Бу, биринчи навбатда, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятни такомиллаштириш, ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишдир.
Президент Шавкат Мирзиёев самарали, ўзини-ўзи таъминлайдиган давлатнинг асосий омили сифатида мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан сўз тадбиркорлик учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш каби устувор вазифалар ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон раҳбари ўз олдига улкан мақсад қўйган – 2030 йилгача Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 160 миллиард долларга етказиш. Мамлакатнинг бугунги тараққиёт суръатларини, шунингдек, ўсиб бораётган иқтисодий, демографик, интеллектуал, технологик ва ресурс салоҳиятини ҳисобга олсак, бу тўлиқ амалга оширилиши мумкин бўлган вазифа, дейишимиз мумкин.
Ўзбекистон қатор устувор йўналишларни ривожлантиришга янги суръат бағишлашга даъват этилди, бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида алоҳида таъкидлади. Бу ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини оширишдир.
«Жэньминь хуабао» нашри муҳаррири Сян Хаоян:
– Тошкентда янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришиш тантанали маросими бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон раҳбари муҳим мурожаат билан чиқиш қилди.
Унда, хусусан, Ўзбекистон Президенти келгуси йилларда ҳам демократлаштириш ва очиқлик сиёсати изчил давом эттирилишини таъкидлади. Шу билан бирга, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари кафолатланади.
Ўзбекистон ҳақидаги янгиликларни мунтазам ёритиб борувчи хорижлик журналист сифатида шуни айтишим мумкинки, мамлакатингиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жамият ҳаётининг турли жабҳаларида улкан муваффақиятларга эришди. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хорижий мамлакатларда ҳам кенг ўрганилмоқда.
Нашримиз мухбирлари билан шахсан мен Ўзбекистонда кўп марта бўлганмиз, содир бўлаётган ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрганман. Биз яқинда мамлакатда бўлиб ўтган Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ва муддатидан илгари Президент сайловларини кенг ёритдик. Эътиборлиси, мазкур сайлов жараёнини 1400 нафар маҳаллий ва хорижий журналистлар ёритиб борди.
Ўзбекистонда ОАВ фаолиятига катта аҳамият берилаётгани қувонарлидир. Буни, хусусан, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясига киритилган, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи норма ва қоидалари ҳам тасдиқлайди.
Бундай эътиборга ўзим ҳам мисолман. Жорий йилда ўтказилган «Олтин қалам» XVII миллий мукофоти учун халқаро танловининг «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» номинациясида биринчи ўринни қўлга киритдим. Фурсатдан фойдаланиб, бундай юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Миллий кимё муҳандислик ва қурилиш корпорацияси «CC7» раиси Лонг Хайян:
- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқини алоҳида қизиқиш билан танишдим.
Иқтисодиётни ўзгартиришдаги улкан муваффақиятлар, шунингдек, Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги фаол кўп қиррали ҳамкорликнинг янги динамикаси уни Марказий Осиё тараққиётининг двигателига айлантирмоқда.
Шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт яратиш, қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиши шубҳасиз.
Ўзбекистон «яшил» трансформациялар соҳасида улкан ривожланиш салоҳиятига эга. Ўзбекистон раҳбари мамлакатда «яшил» иқтисодиёт ва «яшил» энергетика тамойиллари янада кенг татбиқ этилишини таъкидлагани бежиз эмас.
«КАМС» муҳандислик корпорацияси раиси Ван Бо:
- Биз, Хитой бизнеси вакиллари учун Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок этиш катта шарафдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқида 2030 йилгача барча соҳа ва йўналишлар бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Миллий иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон раҳбари яқин йилларда мамлакат иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар ҳажми бир неча баробар оширилишини таъкидлади.
Ислоҳотлар бошланиши билан Хитой компаниялари Марказий Осиёдаги энг йирик ва тез ривожланаётган бозор сифатида Ўзбекистонга қизиқиш ортиб бормоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон миллий тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўяётганини ҳисобга олсак, келгуси йилларда бу динамика янада ортади.