Инвестициялар жалб қилиш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди
11.07.2023
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида мамлакатимизда Президент сайлови юқори савияда ўтгани, бу халқимизни улуғ мақсадлар йўлида янада бирлаштирганини таъкидлади.
Эндиги вазифа белгиланган мақсадларни кечиктирмасдан, аввалгидан-да кўпроқ ғайрат билан амалга оширишдир. Бугун жаҳондаги зиддиятлар, шафқатсиз рақобат даврида бу осон бўлмайди, албатта. Савдо ва инвестициялар, товар ва хизматлар айланишида транспорт-логистика тизими тобора мураккаблашиб бораяпти.
– Мана шундай оғир вазиятда, одамларимизга муносиб шароит яратиш учун юз минглаб юқори даромадли иш ўринлари ташкил этишимиз, дунё бозорида рақобат қила оладиган маҳсулотларни кўпайтиришимиз зарур. Бунинг учун эса янги-янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, малакали мутахассислар керак, – деди Президент.
Шу боис йиғилишда тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳаларнинг ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида тармоқларда 3,6 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларининг ҳар бирига 50 миллион доллардан кўп тўғридан-тўғри инвестиция келган. Буни ҳисобидан, ушбу туманларда жами 50 мингта янги иш ўрни, қўшимча 1 триллион сўм тушум пайдо бўлган.
Лекин айрим ҳудуд ва тармоқларда бу кўрсаткич паст, инвестиция муҳити қониқарсиз. Шундай туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вазир ўринбосарлари, давлат корхоналари мутасаддилари лавозимидан озод қилинди, айримларига ҳайфсан берилди.
Йиғилишда инвестиция дастурларидаги 1 минг 500 та лойиҳани тезлаштириш ва 12 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир тармоқ ва ҳудудга инвестицияларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар алгоритмини кўрсатиб берди.
Жумладан, давлат инвестиция дастури доирасида 11,5 миллиард долларлик 272 та йирик лойиҳани муддатидан олдин фойдаланишга топшириш бўйича “лойиҳабай” иш ташкил этилади. Масалан, қурилишни тезлаштириш ҳисобига 29 та, ускуналарни олиб келиш ва ўрнатишга кўмаклашиш орқали 49 та лойиҳани олдинроқ ишга тушириш мумкин. Бунинг ҳисобига, 700 миллион доллар инвестицияларни 2-3 ой олдин ўзлаштирилишига эришилади.
Бу борада транспорт вазири ва мамлакатимизнинг хориждаги элчиларига кўрсатмалар берилди. Ҳудудлардаги лойиҳаларни инфратузилма билан таъминлаш учун назарда тутилган 1,2 триллион сўмга қўшимча яна 100 миллион доллар йўналтирилиши айтилди.
Тармоқларда 230 та лойиҳа доирасида 4,4 миллиард доллар, ҳудудларда 1 минг 200 та лойиҳа доирасида 4,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш зарур. Бунда лойиҳалар 3 та тоифага ажратилиб, улар билан манзилли ишланади. Яъни, йирик лойиҳаларга вилоят ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари, ўрта лойиҳаларга туман ҳокими, кичик лойиҳаларга туман ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари масъул бўлади. Бу тизимни самарали йўлга қўйиш ҳамда масалаларни жойида ҳал этиш учун ҳар бир ҳудудга мутасаддилар бириктирилди.
Йиғилишда ҳамкор мамлакатлар билан инвестициявий шериклик натижалари ҳам кўриб чиқилди. Сўнгги икки йилда Саудия Арабистони, Франция, Венгрия, Сингапур, Миср, Германия, Хитой, Италия, Қатар ва бошқа давлатлар билан бўлган олий даражадаги учрашувларда кўплаб келишувларга эришилган.
Бу борада Венгрия, Покистон, Таиланд, Чехия ва Япония билан ҳамкорликда ижобий ўзгаришлар борлиги, бу давлатлардан инвестиция жалб қилиш жорий йилнинг ўзида 450 миллион долларга кўпайгани қайд этилди.
Энди хорижий келишувлар доирасидаги инвесторлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида “инвестиция менежери” лавозими ташкил этилади ва бевосита вазирга бўйсунади. Улар хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, зарур масалаларни ҳал қилиб боради. Шу тизим асосида ишлаб, жорий йилнинг ўзида қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мумкинлиги айтилди.
Аксарият вилоят, туман ва шаҳарларда шакллантирилган инвестиция лойиҳалари асл имкониятларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, сўнгги икки ойда саноати паст ривожланган 60 та туманга консалтинг компаниялари жалб қилиниб, 6,5 миллиард долларлик 2 мингдан зиёд истиқболли лойиҳа топилган. Бу – ҳар бир туманга ўртача 110 миллион доллар инвестиция, юзлаб иш ўрни, дегани.
Шундан келиб чиқиб, консалтинг компаниялари билан бирга, барча туман ва шаҳарларда “изланиш – ишлаб чиқиш – амалга ошириш” тамойили асосида янги лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди. Уларни хорижий инвесторларга тақдимот қилиш учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда ҳудудий инвестиция форуми ўтказилади.
Шунингдек, Ҳукумат комиссияси томонидан иқтисодиётга катта туртки берадиган 97 та йирик саноат лойиҳаси тайёрланган. Улар орқали 6,7 миллиард доллар ўзлаштирилиб, 3 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқириш, 27 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Ҳукумат комиссиясига ушбу лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш, хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ҳисобот берди.