Хитойдан муносабат: Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдуми замон руҳига мос бўлгани ҳолда Ўзбекистонни янада ислоҳ қилиш йўлида ташланажак муҳим қадамдир
Хитойдан муносабат: Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдуми замон руҳига мос бўлгани ҳолда Ўзбекистонни янада ислоҳ қилиш йўлида ташланажак муҳим қадамдир
ШАНХАЙ, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Шанхай чет тиллар университети қошидаги Россия ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази директорининг ўринбосари Ян Бо Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини “Дунё” ахборот агентлиги билан ўртоқлашди.:
- 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистонда янгиланажак Конституция бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилганидан яхши хабардорман, - деди у. - Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббускорлигида мамлакат жадал модернизация қилинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат бошқаруви ва жамият тизимини такомиллаштириш бўйича ижобий ислоҳотлар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Янгиланган Конституция асосида янги Ўзбекистонни барпо этиш нияти мамлакатда ислоҳотлар жараёни янги босқичда ривожланиш стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ чуқурлашиб бораётганидан далолат беради. Бундан кўзланган асосий мақсад, лойиҳадан кўриниб турибдики, кўп миллатли халқнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдир.
Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда дастлаб ушбу ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этишга қарор қилингани юксак мақтовга лойиқдир. Мамлакат фуқаролари томонидан билдирилган 220 мингдан ортиқ таклифларнинг ҳар тўртинчиси Конституция лойиҳасида ўз аксини топгани катта эътиборга сазовор. Бу халқнинг хоҳиш-иродаси ифодаси ва халқаро илғор тажриба ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда замонавий демократик талабларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистоннинг чинакам халқ Конституциясини яратиш истаги тасдиғидир.
Умуман олганда, Конституциявий ислоҳотлар орқали Ўзбекистон сиёсий-ҳуқуқий тизимига аниқ ўзгаришлар киритилади, мамлакатни замонавий ривожлантиришнинг асосий қоидаси - “инсон-жамият-давлат” тамойили мустаҳкамланади, инсоний қадрият, болалар, ёшлар ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш кафолатлари, шунингдек, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи мустаҳкамланади.
Хулоса қилиб айтар эканман, ўзбек халқи тўғри танлов қилишига ишончим комил.