Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ
07.12.2022
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 402 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 128 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 15 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда 223 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда, 121 нафар шахс пробация органлари назоратидан чиқарилмоқда. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 63 нафарини аёл ҳамда 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.