Архитектура институтлари фаолияти такомиллаштирилади
27.09.2022
27 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами ошди, қурилишда мураккаб технологик ечимлар қўлланмоқда. Лекин соҳа бўйича таълим ва илм бундан анча ортда қолмоқда. Институтлардаги ўқув дастурлари эскирган. Ўқитиладиган фанлар сони чет элдагидан ҳам кўп, сифати ундай эмас. Таълим жараёнига амалиётчи мутахассислар етарли даражада жалб этилмаган. Замонавий фикрлайдиган инженер-конструкторлар етишмаяпти.
Шу йил 6 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, соҳадаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш зарурлигини айтган эди.
Тақдимотда Тошкент ҳамда Самарқанддаги архитектура институтларининг ўқув дастурларини ислоҳ қилиб, таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Мутасаддилар мазкур институтларнинг ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, янги факультетлар ташкил этиш, таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш, илмий фаолиятни такомиллаштириш режаларини баён қилди.
Президент бу таклифларни маъқуллаб, устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Аввало, бакалавр йўналишлари сонини қайта кўриб чиқиб, фанларни замонавий шаҳарсозлик ва технологияларга мослаштириш зарурлиги таъкидланди. Ўқитувчилар учун малака талаблари ва битирувчиларнинг компетенцияларини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Институтларга хорижий тажрибага эга малакали мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, маҳаллий профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий стажировкага юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бу борада Тошкент архитектура-қурилиш институти Истанбул техника университети билан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Йилдиз техника университети билан таълим ҳамкорлигини йўлга қўяди.
Таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир кафедрага ишлаб чиқарувчи корхоналарни бириктириш, институтлар ҳузурида технопарк ва инкубация маркази ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Уларда энергия тежамкор қурилиш материаллари яратиш, етакчи компаниялар билан маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ўтказиш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш мумкин бўлади.
Шунингдек, илғор муҳандислик билимлари асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлайдиган Олий илм-фан мактаби ташкил этилиши белгиланди.
Институтлар ҳузуридаги академик лицейларни ҳам такомиллаштириб, A-level даражасидаги ўқув дастури ва методикасини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.