Лойиҳалаш ва қурилиш ишлари бўйича янги тизим белгиланди
06.07.2022
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 июль куни архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қурилиш – ҳаёт талаби, иқтисодиётнинг етакчи соҳаларидан бири. Юртимизда бу соҳага кенг имкониятлар берилгани натижасида бунёдкорлик суръати ошди. Сўнгги беш йилда 250 минг хонадонли 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар, 21 мингта сервис ва 10 мингдан зиёд ижтимоий объектлар, 31 мингта корхона ташкил этилди.
Шу даврда қурилиш ишлари ҳажми 4 бараварга ошиб, 2021 йилда 107 триллион сўмни, бу йил беш ойда 46 триллион сўмни ташкил этди.
Бундай ўсиш яхши, албатта. Лекин, соҳада лойиҳалаш ва сифат борасида ҳали камчиликлар бор. Ҳамма қурилиш билан бўлиб, архитектура орқада қолиб кетди.
Шу боис йиғилишда, аввало, лойиҳалаш ва қурилиш ишларини тартибга солиш масалаларига эътибор қаратилди.
Кўп жойларда илгари тасдиқланган Бош режалар аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги ўсишига мос келмай қолган. Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, Бош режалар бўлмаса, 2030 йилга бориб, инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади ва қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.
Шу боис лойиҳалаш ва қурилиш ишлари бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, ҳудудларнинг Бош режаси ва “мастер режа”ларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилади. Қурилиш вазирлигида Бош архитектор лавозими жорий қилиниб, унга вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилади.
Вилоятларда “лойиҳа офислари” очилиб, уларга ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва вилоят Бош архитектори масъул бўлади. Шунингдек, туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади.
Бош режа ва “мастер режа”ни ишлаб чиқиш янгича ёндашув асосида, 3 босқичда бўлади. Биринчи босқичда Республика кенгаши муайян вилоятнинг 5, 10 ва 20 йиллик ривожланиш йўналишлари, ер ва инфратузилма чегараларини белгилайдиган “Бош схемаси”ни тасдиқлайди. Улар асосида, иккинчи босқичда, ҳудуднинг Бош режаси ишлаб чиқилади. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли масканларини белгилаш, йўллар ва инфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади. Учинчи босқичда Бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг “мастер режа”ларини тасдиқлайди. Бунда уй-жойлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.
Бир сўз билан айтганда, энди Қурилиш вазирлиги қайсидир маҳаллада дўкон қаерда бўлиши ёки бино қандай ёритилиши билан шуғулланмайди. Бундай масалалар туман ва маҳалла даражасида ҳал бўлади.
Давлатимиз раҳбари шаҳарсозлик қоидаларини такомиллаштириш ҳамда халқаро меъёрларга мослаштириш зарурлигини таъкидлади.
Жумладан, халқаро стандартлар асосида тайёрланган лойиҳаларга Техник кенгаш хулосасини олиш тартиби бекор қилинади, хорижда экспертизадан ўтказилган лойиҳалар тўғридан-тўғри тан олинади.
Бундан ташқари, қурилишда товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш тизими ҳам тартибга солинмаган. Ишларни баҳолаш бўйича яхлит ёндашув йўқ. Оқибатда талон-торожлик ва коррупция кўп.
Шу боис шаҳарсозлик меъёрларидан қурилиш ишларини баҳолаш билан боғлиқ 147 та норма чиқариб ташланадиган бўлди. “Қурилиш ресурслари классификатори” платформасини ишга тушириб, 100 мингдан зиёд қурилиш материаллари ва хизматларининг бозор нархини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, лойиҳаларни тайёрлаш муддатини камайтириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” дастурида “электрон каталог” яратилиб, ижтимоий объектларнинг намунавий лойиҳалари жойлаштириб борилади. Ундан барча буюртмачилар ва лойиҳа-пудрат ташкилотлари эркин фойдаланиши мумкин бўлади.
Йиғилишда вилоят ҳокимликлари қошидаги Ягона буюртмачи компаниялар фаолияти таҳлил қилинди. Уларга хорижий менежерлар, малакали архитектор ва муҳандисларни жалб қилиш, қурилиш жараёни ва иш ҳажмини ҳисоблашни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан Ягона буюртмачи компанияларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, янги қурилишлар бўйича техник назорат функциялари босқичма-босқич аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади.
Президентимиз қурилишлар сифати масаласига алоҳида тўхталди.
Бу соҳадаги давлат назорат инспекцияси ходимлари ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат, деб ҳисоблайди. Аслида, қурилишдаги камчиликларнинг 70 фоизи кўпинча такрорланади ва уларнинг олдини олиш мумкин.
Шу боис ушбу инспекция фаолиятини қайта кўриб чиқиб, унинг ишини қурилишдаги тизимли камчиликлар сабабларини таҳлил қилиш ҳамда бартараф этишга қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Қурилиш вазирлигига объектларни рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилар экан, Тошкент ва Самарқанддаги архитектура институтларига академик ва молиявий мустақиллик берилиши айтилди. Уларда ўқиш халқаро таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади. Талабалар етакчи лойиҳа-қидирув институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилади.
Йиғилишда ипотека кредитларидан фойдаланиш даражаси ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, жорий йилда бюджетда тижорат банкларига 43 мингта уй-жой учун 13 триллион сўм, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1 триллион 200 миллиард сўм кўзда тутилган. Лекин ўтган олти ойда аҳолига бу маблағларнинг 28-30 фоизи берилган, холос.
Шу боис бу борада ҳам бюрократияни камайтириш, аҳолига комплекс хизмат кўрсатадиган ипотека марказларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари сўзга чиқиб, фикр ва таклифларини билдирди.