ШҲТ Бош котиби Чжан Мин: Самарқанддаги саммит ташкилотнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим тарихий босқич бўлади
ШҲТ Бош котиби Чжан Мин: Самарқанддаги саммит ташкилотнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим тарихий босқич бўлади
ПЕКИН, 13 май. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистонга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Бош котиби Чжан Мин келади.
ШҲТ Бош котиби мамлакатимизга ташрифи арафасида “Дунё” АА мухбирига берган эксклюзив интервьюсида мазкур йирик халқаро тузилманинг энг муҳим ютуқлари, ривожланишнинг ҳозирги босқичида ташкилот олдида турган таҳдидлар ва вазифалар, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари, Ўзбекистон раислиги кун тартиби ва Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитдан кутилаётган натижалар ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳурматли Бош котиб, авваламбор, Сизга интервью беришга рози бўлганингиз учун миннатдорчилик изҳор этишга ижозат берсангиз. Бугунги кунда 2001 йил ташкил топган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 3 миллиарддан ортиқ аҳолига эга бўлган мамлакатларни ўзида бирлаштириб, кўплаб халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда. Сизнинг фикрингизча, ШҲТнинг сўнгги йиллардаги асосий ютуқлари нималардан иборат?
– ШҲТнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб берадиган иккита асосий жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Биринчиси – бу хавфсизлик. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ШҲТни ташкил этиш учун дастлабки туртки бўлган. Мазкур йўналишда ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилиш чегаралар хавфсизлиги соҳасидаги ўзаро саъй-ҳаракатлардан бошланади, террористик, экстремистик, сепаратчи кучлар ва гиёҳвандлик бўйича жиноятчиликка қарши курашга қаратилган ҳамда хавфсизликнинг турли ноанъанавий таҳдидларига нисбатан ҳам қўлланилади.
Сўнгги 20 йил мобайнида минтақада тинчлик ва барқарорлик сақланиб келаётгани, хавфсизлик омилидан ажралмас ҳисобланган тараққиётнинг давом этаётганлигида ШҲТнинг салмоқли ҳиссаси бор. Айтиш мумкинки, ташкилот жаҳонга ижобий барқарорлик қувватини бера олди.
Евроосиёда ҳар йили ушлаб қолинадиган гиёҳвандлик воситаларининг 40 фоизи ШҲТ билан ҳамкорликда ноқонуний айланмадан чиқариб олинаётгани ҳам аниқ-равшан муваффақиятларимиз қаторига киради.
Иккинчи энг муҳим жиҳат – бу “Шанхай руҳи”дир.
“ШҲТ оиласи”га умумий умидлари, манфаатлари ва интилишларини бирлаштирувчи турли тараққиёт моделига эга бўлган минтақалар мамлакатлари кирган.
ШҲТ дўстлари давраси орта бориши билан бирга унинг қамрови ва таъсир кўлами ўсмоқда, хавфсизлик соҳасидан иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик, маданият ва санъат, тиббиёт ва спорт, ёшлар ўртасидаги алмашинувларгача ҳамкорлик соҳалари кенгаймоқда. Бугунги кунда ШҲТ дунёдаги халқаро ташкилотлар ичида энг машҳур тузилмалардан бирига айланди.
– Мазкур босқичда ШҲТ олдида қандай таҳдидлар ва вазифалар турибди? Сиз ҳамкорликнинг қайси йўналишларини ташкилот учун устувор ва истиқболли, деб ҳисоблайсиз?
– Вазият жуда тез ўзгармоқда, халқаро майдонда беқарорлик ва ноаниқлик ҳолати сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда биз хавфсизлик, иқтисодиёт ва молия, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим соҳалардаги қатор жиддий муаммоларга дуч келмоқдамиз.
Ана шу муаммоларни ҳал этиш учун халқаро ҳамжамият бирлашмоғи зарур, давлатлар геосиёсий зиддиятга киришмасдан, бир томонламалик ва протекционизм иллатларини намоён қилмаган ҳолда, ҳамкорликда иш олиб бориши даркор.
Шанхай ташкилоти бутун инсоният учун умумий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашда конструктив роль ўйнашга интилиб келган ва шундай бўлиб қолади. ШҲТ ҳарбий иттифоқ эмас, унинг “ген”ларида конфронтация элементлари йўқ.
Бизнинг ташкилотимиз бошқа давлатлар ва минтақаларга қўшилмаслик ва уларни нишонга олмаслик тамойилига амал қилади, халқаро ва минтақавий муаммоларни тинч сиёсий-дипломатик музокаралар йўли билан ҳал қилиш тарафдоридир.
Яна бир бор таъкидлайман, ШҲТга аъзо давлатлар ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ташкилотда иштирок этаётган мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётига ҳамкорлик қилиш йўли билан кўмаклашишга интилади. Мана шу барча тамойиллар “Шанхай руҳи” негизини ташкил этади. Фикримча, у замонамиздаги таҳдид ва хатарларга самарали қарши туриш имконини берувчи “дастлабки код”га эга.
Бугунги кунда ШҲТ ҳамкорлик қилмаган ёки алмашувларни амалга оширмаган соҳани топиш мушкул. Ташкилотимиз доирасидаги ўзаро ҳаракатлар сиёсат, иқтисодиёт, инвестициялар, парламентлараро ва маданий-гуманитар алоқалар, экология, таълим ва бошқа йўналишларни қамраб олади. Бунда уларнинг ҳаммаси ташкилотга аъзо давлатлар учун муҳим амалий аҳамиятга эгадир.
Кўплаб ноанъанавий соҳалар, масалан, “яшил” энергетика, инновациялар ва рақамли иқтисодиёт каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш тез фурсатларда давлатлар учун умумий манфаатларни излаб топишда ШҲТ янги истиқболларини очиб берувчи “йўлчи юлдуз”га айланиб улгурди.
COVID-19 пандемияси бошланган дастлабки кунларданоқ ШҲТ минтақа давлатларига ҳамжиҳатликда ушбу таҳдиддан қутулишда ёрдам бериб, пандемиянинг салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф қилиш бўйича аъзо давлатларнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик чора-тадбирлари режасини қабул қилди.
Биз савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратдик.
Транспорт, энергетика, молия, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, инновациялар ва барқарор ривожланиш каби ўзаро манфаатларни акс эттирувчи соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш кейинги қадам бўлади.
– 2021-2022 йилларда Ўзбекистон ШҲТга раислик қилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасида илгари сурган янги ташаббуслари ҳақидаги фикрларингизни изҳор қилсангиз.
– Биринчи навбатда, Ўзбекистон ШҲТ таъсисчи-давлати сифатида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётганини қайд этган бўлардим.
Шубҳасиз, ШҲТга аъзо давлатларнинг очиқ ва конструктив мулоқоти учун самарали майдонни ўзида акс эттириб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқалар, ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни рағбатлантиришда ҳамкорликнинг муҳим воситаси бўлиб бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг энг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон нафақат ШҲТ доирасида турли соҳаларни ривожлантиришга кўмаклашмоқда, балки бошқа аъзо давлатлар томонидан илгари суриладиган, умумий манфаатларга жавоб берадиган долзарб таклифларни амалга оширишда амалий ёрдам бермоқда.
Бошқача айтганда, Тошкент ШҲТнинг пойдевори ҳисобланган “Шанхай руҳи”га мувофиқ равишда бирдамлик тамойилларини амалга оширишга фаол кўмак бериб келмоқда.
«Бизнинг ҳар биримиз кучли бўлсаккина, ШҲТ кучли бўлади” - Ўзбекистон Президентининг 2020 йил ШҲТ саммитида айтган бу сўзлари ўзбек томонининг ташкилот доирасидаги ишларга конструктив ёндашувининг мазмун-моҳиятини тўлиқ очиб берган.
Сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитларида 50 га яқин ўта муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Улар, хусусан, ШҲТ халқаро алоқаларини янада кенгайтириш ва унинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий, саноат кооперацияси, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби долзарб масалаларни қамраб олган.
Эътиборли жиҳати шуки, бу ташаббусларнинг барчаси кейинчалик аниқ “йўл хариталари”, меъёрий-хуқуқий, дастурий ва концептуал ҳужжатларда ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, минтақани барқарор ривожлантиришга қаратилган таклифлар ШҲТнинг асосий вазифаларига тўлиқ мос келади. Айнан шунинг учун улар ташкилотнинг барча аъзо давлатлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистоннинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва логистика, инновацион ва рақамли тараққиёт, маданий ва “халқ” дипломатияси каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришда ШҲТнинг улкан салоҳияти йўналишидаги ёндашувлари алоҳида эътиборга молик.
2021 йилда бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг ШҲТдаги раислиги даврида қатор янги ҳуқуқий, концептуал ва дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини маълум қилди. Хусусан, ШҲТ доирасида кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш мақсадида ҳозирги вақтда ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс дастур, шунингдек, Минтақа ичида савдони ривожлантириш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
ШҲТнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик концепциясини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш бўйича жараён якунланмоқда.
ШҲТ ҳудудида инфратузилмавий ривожланиш дастури, шунингдек, юқумли касалликларнинг олдини олиш, телетиббиёт, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш, музей иши ва шу каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича қатор дастур ва келишувлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Уларнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг ШҲТ тартибини янгилаш, унинг фаолиятини янги таҳдидлар ва ўзгараётган вазиятларга мувофиқлаштиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистоннинг раислик даврида барча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган кенг миқёсли масалаларни ўрганиш учун турли даражадаги 80 та тадбир ўтказиш кўзда тутилган. ШҲТ аъзо давлатлар томонидан 40 та тадбир ўтказилди.
Ўзбекистоннинг истиқболли ва долзарб масалалар бўйича аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳаракатни кенгайтиришга қаратилган иккита муҳим таклифи амалга оширилди.
2021 йилнинг ноябрь ойида илк бор ташкилот доирасида Ўзбекистон раислиги остида ахборот коммуникациялари бўйича, жорий йилнинг январь ойида камбағалликни қисқартириш бўйича вазирликлар даражасидаги учрашувлар ўтказилди.
Апрель-май ойларида Тошкентда илм-фан ва техника, транспорт вазирлари, гиёҳвандликка қарши кураш муассасалари раҳбарларининг учрашувлари, шунингдек, Халқ дипломатияси форуми ўтказилди.
Мамлакатингизнинг савдо-иқтисодий йўналишдаги долзарб ташаббусларидан бири ШҲТга аъзо давлатлар ва хорижлик инвесторлар билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имконини берувчи “Ўзбекистон-ШҲТ” саноат зонасининг ташкил этилиши бўлганини қайд этишни истардим.
Бу йил амалга оширилиши кўзда тутилган йирик тадбирлар – Иқтисодиёт форуми, Саноат янгиликлари ҳафталиги, ШҲТ ҳудудлари кичик ва ўрта бизнес форуми, Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича форум, Туристик форум ва ШҲТ ҳудудлари раҳбарлари форуми ана шу мақсадга хизмат қилади.
Умуман таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ШҲТдаги раислик қилишдек фахрли вазифани муваффақиятли ва самарали тарзда амалга оширмоқда.
– Шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитидан нималарни кутаяпсиз?
– Самарқанд саммитида Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигининг асосий якунлари муҳокама қилинади. Мен бу ажойиб шаҳарда амалга оширилаётган улкан тайёргарлик ишларидан жуда яхши хабардорман.
Биз ана шу халқаро анжуманни тайёрлашга шундай катта эътибор қаратаётган Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Самарқанд саммити ШҲТнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ва ташкилот доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим тарихий босқич бўлиши шубҳасиз. Бу тадбирнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ташқи ва ички сиёсати фонида ўтказилишида ҳам алоҳида маъно бор, у кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган комплекс ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини ёрқин акс эттиради.
Режага кўра, саммитгача ШҲТ доирасида хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, ахборот технологиялари, маданият, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар пакети тасдиқланади.
Албатта, кутилаётган саммитнинг асосий масалаларидан бири ШҲТ таркибини янада кенгайтириш билан боғлиқ бўлади. Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши кўзда тутилган. Бу Эронни ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш жараёнини бошлаш тўғрисида ўтган йил қабул қилинган қарорни амалга оширишда муҳим босқич бўлади.
Бундан ташқари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлар таркибларини кенгайтириш бўйича қарорлар қабул қилиш мўлжалланган. Шунингдек, саммит майдонидан ШҲТ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан шериклик муносабатларини йўлга қўйиш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш учун фойдаланишни кўзда тутяпмиз.
Бугунги кунда жадаллик билан ўзгараётган халқаро вазият шароитида Самарқанд саммити алоҳида сиёсий аҳамият касб этмоқда. Барча давлатларнинг кенг кўламдаги халқаро ҳамкорлигининг аҳамияти ошиб бормоқда. Бу алоқалар пандемия билан курашиш бўладими, барча манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали глобал муаммоларга ечим топишда натижага эришиш бўладими, барча-барча жабҳаларни қамраб олиши керак.
Ишончим комилки, “Шанхай руҳи” умумий мақсадларга эришиш ва умумий манфаатлар учун ШҲТнинг барча давлатларини бирлаштирувчи янада катта куч бўлади.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, мен Ўзбекистонда анча йиллар аввал бўлганман. Мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ислоҳотлар бажарилаётгани, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганидан яхши хабардорман ва, албатта, буларнинг барчасини ўз кўзим билан кўришни истайман.
Тошкент, Самарқанд ва Ўзбекистоннинг дунёда Шарқ дурдоналари сифатида тан олинган бошқа қадимий шаҳарларига боришни сабрсизлик билан кутаман.