Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси делегациясини қабул қилди
01.12.2021
1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортниковни қабул қилди.
Учрашув аввалида Александр Бортников давлатимиз раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Жорий йил 19 ноябрь куни Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашувнинг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Хавфсизликка замонавий таҳдидларга, шу жумладан терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар, наркотрафик ва бошқа хавф-хатарларга қарши курашишда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги мунтазам алоқаларни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда вужудга келаётган ҳолатдан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.