Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ махсус маърузачиси билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ махсус маърузачиси билан учрашди
ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионулла Ни Аолайн билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Афғонистон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирилди.