Хитой Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар учлигидан биринчи марта ўрин олди
Хитой Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар учлигидан биринчи марта ўрин олди
ПЕКИН, 2 ноябрь. /«Дунё» АА/. Хитойнинг етакчи нашрларидан бири - «Жэньминь жибао» газетаси веб-саҳифасида Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий алоқалари тўғрисида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Материалда сўнгги йиллар давомида Хитой ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги идоралари яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланган.
Нашрда Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-техник ишланмаларга инвестициялар ҳажмини ошираётгани, тупроқни яхшилаш бўйича жамғарма яратилгани, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш имкониятларини мустаҳкамлаш йўлида янги ирригация-дренаж тизими бунёд этилгани қайд этилган. Бу чора-тадбирлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва уларнинг қўшимча қийматини оширишга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда гилос, қовун ва анор каби ўзбек мевалари халқаро бозорда машҳур бўлиб, юқори рақобатбардир, деб таъкидланади материалда.
Ўзбекистон ташқи савдосини янада кенгайтириш учун зарур бўлган логистика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мақолада бугунги кунда Тошкентга Хитойнинг кўплаб шаҳарларидан ҳаво қатнови йўлга қўйилгани, Хитой-Қирғизистон –Ўзбекистон йўналишида халқаро юк ташиш йўналиши очилганига эътибор қаратилган.
Муаллиф Ўзбекистондан Хитойга 16 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, жумладан, гилос, қовун, тарвуз, қалампир, анор, ловия, кунжут уруғи, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, узум, ерёнғоқ, асал ва қалампир каби маҳсулотлар экспорт қилинаётгани ҳақида ҳам сўз юритган.
Ўзбекистон 2021 йилнинг биринчи ярмида Хитойга 37 минг 900 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилган ва унинг қиймати 31 миллион доллардан ошган. Ўзбекистон мева-сабзавот экспортининг 6,5 фоизи Хитойга тўғри келмоқда. Натижада ушбу мамлакат биринчи марта Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари энг кўп экпорт қилинадиган давлатлар учлигидан ўрин олгани таъкидланган нашрда.